19 турдаги 117923 ўрам фармацевтика маҳсулотларига мувофиқлик сертификати берилиши рад этилди

26.09.2022 4126

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази»нинг Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш марказий органи жорий йилнинг июль-август ойларида сертификатлаштириш жараёнида номувофиқлиги аниқланган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида маълумот берди.

Давлат марказининг Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш марказий органига бўлган мурожаатлар асосида юртимизда ҳамда Хитой, Ҳиндистон, Словакия, Австрия ва Покистон давлатларида ишлаб чиқарилган 19 турдаги 117923 ўрам, қиймати 6085006 минг сўм бўлган фармацевтика маҳсулотлари (батафсил рўйхат) қўллаш учун яроқсиз деб топилиб, сертификатлаштирилиши рад этилди.

Маълумот учун, «Мувофиқлик сертификати» — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат ҳисобланади.

Ҳурматли юртдошлар! Дори воситаси, тиббий буюм ва тиббий техниканинг номи, Давлат рўйхатидан ўтган рақами, чиқарилган шакли, ишлаб чиқарган мамлакат, мувофиқлик сертификат берилган сана ва бошқа тегишли маълумотларни Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази расмий веб сайтидан олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низом (рўйхат рақами 80-сон 21.02.2022) га кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш - фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Давлат маркази Ахборот хизмати